Пастдарғомда 5 миллиард эвазига барпо этилган бино фойдаланишга топширилди

Пастдарғом туманида давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида Пастдарғом тумани ҳокими Ш.Худайбердиев, давлат хизматлари агентлиги директори Х.Тўрахўжаев ва бир гуруҳ фаоллар янги иншоотда яратилган шароитлар билан танишди.

Туман марказида “Mash’alTransServis” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан 5 миллиард сўм маблағ сарфланиб бунёд этилган икки қаватли янги бинода давлат хизматлари кўрсатиш маркази ходимлари ва аҳоли учун барча шароит яратилган. Ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган кўркам марказда замонавий дизайн асосидаги кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти мижозлар хизматида. Бу ерда хорижий инвесторлар учун ҳам қулайликлар яратилган бўлиб, музокаралар ўтказиш зали барпо этилган. Туманнинг инвестициявий салоҳиятини намойиш этувчи ахборот экранлари билан жиҳозланган.

Марказ бир вақтнинг ўзида 29 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсата олади. Замон андозаларига мос равишда жиҳозланган бинода 21 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар фуқароларга тақдим этиб борилади.

2015-2024 © GOVERNMENT OF PASTDARGOM DISTRICT. Maked by: SAKTRM