Халқ депутатлари туман Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари туман Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессиясида масъулларнинг ўтган йил якунлари ва истиқболдаги режаларга доир ҳисоботи тингланди.

-  Президентимизнинг шу йил  3 февралдаги “ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган, - деди туман ҳокими ўринбосари Э. Бердиев ҳисоботда. – Ёшлар билан ишлаш чора-тадбирлар дастурига кўра, тумандаги 162 минг 104 нафар ёшларнинг қамраб олиниши учун 45 миллиард 584 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Мақсад – ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш, тадбиркорликка жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали бандлигини таъминлашдан иборат. Ана шу йўналишларда бир қатор тадбирлар сектор раҳбарлари билан биргаликда амалга оширилиши белгилаб олинган.

2020 йилда туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан прокурор А. Валиев ахборот берди. Маълумотларга кўра, тумандаги ташкилот ва муассасаларда 67 марта текширишлар ўтказилган. 220 та ҳуқуқий ҳужжатларга протест,  75 та тақдимнома киритилган. Фуқаролик ишлари судига 253712,0 минг сўмлик зарарларни мажбурий ундириш юзасидан 23 та даъво аризалари киритилган. 52 нафар юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилди.

Сессияда фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича туман суди раислари А. Болтаев ҳамда Л. Асатовларнинг ўтган йилнинг якунлари бўйича ҳисоботлари тингланди.

Туман ҳокимининг ўринбосари М. Санақулова шароити оғир, кўп миллатли, олис ва чегара ҳудудларида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш бўйича белгиланган “Йўл харитаси” доирасидаги ишларнинг бориши ҳақида ахборот берди.

Барча масалалар юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазаларидан сўнг, тегишли қарор қабул қилинди.

Бахтиёр ШУКУРОВ.

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM