Сессияда депутатлар 3-умумтаълим мактаби директорини лавозимидан озод этиш  таклифини тасдиқлади

Сессияда депутатлар 3-умумий ўрта таълим мактаби директорини лавозимидан озод этиш  таклифини тасдиқлади

 

  Бугун  халқ депутатлари туман  Кенгашининг ўттиз учинчи сессияси  бўлиб ўтди. 

Сессияни Кенгаш  котибияти мудири Ф. Исломова бошқариб борди.  12-Зарафшон  сайлов округидан депутат А. Абдумуродов сессияга  котиблик қилди.

    Кун тартибидаги масалаларга алоқадор  ташкилотлар  раҳбарлари  ҳам иштирок  этган  сессияда  дастлаб  бандликка кўмаклашиш маркази директори Ў.  Шукуровнинг ўтган йил бандлик дастури доирасида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботини тинглашди.  Таъкидланишича,  аҳоли бандлигига кўмаклашиш  марказига 6243 нафар фуқаро  муҳофазаси мурожаат қилган. Шундан 1158 нафари ишга жойлаштирилган. 587 нафар фуқарога ишсизлик  мақоми берилган. 4073 нафар фуқаро пандемия  шароитида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган.  425 нафарига ҳуқуқий  маслаҳатлар берилган. 

  283 нафар фуқарога 733,2  миллион сўм субсидия,  179 нафар кишига 585,2 миллион сўмга иссиқхона  қуриб  берилган.  Бундан ташқари, уруғлик,  кўчат олиш,  30 сотихдан ер ажратилиб,  керакли миқдорда  субсидиялар ажратилган. Шу ўринда жорий  аҳоли бандлигини  таъминлаш борасида ана шу ишларнинг  узвий давоми қай даражада бўлишига  ҳам алоҳида урғу берилди.

    Шунингдек,  солиқ тушумларининг ундилиши,  "Темир", "Аёллар",  " Ёшлар" дафтари бўйича,  атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ўтган йил якунлари ҳамда биринчи чоракда амалга  оширилган  ишлар  юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари  ҳам  эшитилиб, муҳокамадан сўнг тегишли  қарорлар қабул  қилинди.

   Депутатлар  вилоят халқ таълими бошқармасининг шу йил 19 мартдаги Пастдарғом туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактаби  директори С.Эрдоновни  вазифасидан озод этишга  доир хати юзасидан  фикр-мулоҳазаларини  билдиришди.

      Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган  мактаб директорини эгаллаб турган лавозимидан озод этишга доир қарор кўпчилик депутатлар  томонидан маъқулланди.

Бахтиёр Шукуров

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM