“Ҳоким ва ёшлар” учрашувидан сўнг Моҳинур тадбиркорликка илк қадамни ташлади

Пасдарғом тумани ҳокими Шунқор Худайбериев ёшлар билан онлайн тарзда учрашув ўтказди. Учрашув ёшлар муаммолари ҳамда таклифларини тинглаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг муаммо ва камчиликларини бартараф этиш масалаларига қаратилди.

Тадбирда тумандаги тадбиркор ёшлар, ташаббускор йигит-қизлар, олийгоҳ битирувчилари, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ҳамда муаммо ва таклифлари бор ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида туман ҳокими Шунқор Худайбердиев 30 июнь – ёшлар куни билан туманнинг барча ёшларини самимий қутлаб, келгусидаги ишларида улкан зафарлар ёр бўлишини сўради.

   – Сиз, ёшлар келажамиз пойдеворисизлар, – деди Ш.Худайбердиев. – Бугун биз, раҳбар ва масъуллар сизларга ҳаёт сўқмоғида адашмаслик учун тўғри йўл кўрсата олсак, улкан мақсадлар сари ташлаётган қадамларингизда кўмак бўла олсак, биз орзу қилган эртанги кунимизни ярата оламиз. Бунинг учун сизлар ҳам қатиятли, шижоатли, мақсад сари дадил қадам ташлашларингиз лозим бўлади. Мен ўйлайманки, бугунги учрашувимиз шундай улкан мақсадимизга эришишда муҳим қадамлардан бири бўлади.  

Шундан сўнг ҳоким ёшларни расмиятчиликдан холи бўлиб, очиқ ва ошкора мулоқот қилишга чақирди.

Лолазор маҳалласида яшовчи, 27-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Дилфуза Жумаева тумандаги кутубхоналар китоб фондини бойитиш бўйича қандай ишлар олиб борилаётганлигини сўради.

Оқ олтин маҳалласида яшовчи, туман тиббиёт коллежи битирувчиси Зухра Каримова мутахассислиги бўйича иш сўраб мурожаат қилди.

Самарқанд Чет тиллар институти битирувчиси Умиджон Пардаев туманда “Заковат” интелликтуал ўйинининг доимий фаолият юритилиши ташкил этиш таклифини киритди.

Шунингдек, учрашув давомида келгусида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар мурожаатлари ҳам тингланди. Жумладан, Гўзалкент маҳалласида истиқомат қилувчи Моҳинур Эгамбердиева  уйида бройлер жўжа боқиш орқали тадбиркорликни бошламоқчилигини ва бунинг учун банкдан кредит олмоқчилигини билдирди. Моҳинурга “Агробанк” Гўзалкент филиалидан 500 дона бройлер жўжа сотиб олиш учун кредит маблағи ажратиладиган бўлди.     

Учрашувда ёшлар ўзларининг келажакдаги режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш бўйича берилган мурожаат ва таклифлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Жойида ҳал қилиш имкони бўлган мурожаатлар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига уларнинг ечимига доир кўрсатмалар берилди.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан фаол ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

2015-2024 © Хокимият Пастдаргомcкого района. Разработан в: SAKTRM