Сиз бор экансиз дастурхонимиз тўкин

Аввало, сизларни, сизлар орқали далада тер тўкиб меҳнат қилган барча дала меҳнаткашларини Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни билдирмоқчиман.

Ўз ишининг моҳир устаси бўлган Сиз, азизларнинг фидокорона меҳнатингиз самарасини халқимиз ҳар куни ўз дастурхонида кўради.

2020 йил том маънода деҳқончилик  учун қулай йил бўлди. Натижада деҳқонларимиз томонидан  туманимизда ғалла 51,0 минг тонна, пахта 45,8 минг тонна, сабзавот маҳсулотлари 113,2 минг тонна, картошка 68,6 минг тонна, полиз маҳсулотлари 19,7 минг тонна, мевалар 33,7 минг тонна, узум 14,5 минг тонна, пилла 274,7 тонна, гўшт 15,6 минг тонна ҳамда 135,0 минг тонна сут тайёрлашга эришилди. Бу албатта, таҳсинга лойиқ.

Ҳозирги вақтда дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш долзарб масала бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шунинг учун ҳам иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш ва озиқ-овқат экинларини етиштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер моделини ва кооперация тизимини тўлиқ яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

Бугунги кунда туманда “Самарқанд Камалак инвест текстил” МЧЖ корхонаси негизида пахта-тўқимачилик соҳасида кластер фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 3,6 минг гектар ер майдони бириктириб берилди.

Жорий мавсумда пахта ҳосилининг Оҳунбобоев, Ўзбекистон, Пастдарғом, Машъал, Ж.Юсупов, Чандиробод, Кичик Чимбой, Болотош, С.Турунов, Дўстлик, А.Салимов, Қаермасой ва Ш.Рашидов-1 номли муқобил машина трактор парклари ва 215 нафар фермер хўжаликларида эришилган юксак марралар бу тизимнинг қанчалик самарали эканини амалда исботламоқда.

Шунингдек, бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштиришни рағбатлантириш тизими жорий этилгани ўзининг улкан ижобий самарасини берди. Натижада Дўстлик, Б.Кўмаков, Қайирмасой, Чандиробод ҳудудларидаги фермер хўжаликларида ўртача ҳосилдорлик 60-70 центнерни ташкил этди.

Энг муҳими, 20 минг тонна ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди.

Афсуски, қишлоқ хўжалигида белгиланган агротехник тадбирларни бажаришда сусткашликка йўл қуйган 79 та фермер хўжаликлари томонидан 2,7 минг тонна ғалла ва 96 та фермер хўжаликлари томонидан 4,1 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилмади.

Бундан буён қишлоқ хўжалигининг  ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик соҳаларида кластерларни ташкил қилиш ишлари изчил давом эттирилади.

Cўнгги йилларда мева-сабзавотчиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Бу йил 1,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги 3,1 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Эрон каби давлатларга экспорт қилинди.

Қимматбаҳо хомашё бўлган ипак етиштиришда пилладан йилига тўрт марта ҳосил олиш эвазига 1,7 миллион АҚШ долларига тенг ипак ва ипак маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиниши натижасида жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган умумий қиймати 71,4 млрд. сўмлик 26 та лойиҳалар амалга оширилди.

 

Хурматли деҳқон ва фермерлар!

Шуни чуқур англаб етишларингизни истардимки,  бугун биз экинларни суғоришда замонавий усул, яъни томчилатиб суғориш тизимига ўтмас эканмиз ҳосилдорликда юқори натижаларга эриша олмаймиз. Агар суғоришнинг замонавий усулини тўлиқ ўзлаштира олсак пахтадан ҳосилдорликни 45-50 центнергача етказишимиз мумкин. Бугунги кунда туманимизда сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида бор-йўғи 68 гектар майдонда сув тежовчи технологиялардан фойдаланилмоқда, бу жуда кам кўрсаткич. Бундай экин майдонларини кўпайтиришимиз зарур.

Жорий йилда 4 та кооперативлар ташкил қилиниб, уларга 114,4 гектар ер майдонлари ажратиб берилди ва 469 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминланди. Кооперативларга 338,9 миллион сўм субсидия маблағлари ва 450,0 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб берилди.

“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 16 та маҳаллалар сабзавот, картошка, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилди.

“Саховат ва кўмак” умумҳалқ ҳаракати тадбири доирасида саховатпеша деҳқон ва фермерларимиз, тадбиркорларимиз томонидан эҳтиёжманд оилаларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди ва бошқа турдаги ёрдамлар ҳам кўрсатилди.

Шу йил туманимизнинг қўли очиқ фермерлари ҳеч қачон кузатилмаган саҳоватни кўрсатишди. Яъни, туманимизнинг Гўзалкент массивидан ижтимоий аҳволи оғир, фарзандларини меҳрибонлик уйларига топширган, шароити оғир, бошпанасиз  аёлларга ҳашар йўли билан  қурилаётган 44 та  уйнинг қурилиш ишларида, у ерда меҳнат қилаётган ишчиларга ҳақ тўлашда иқтисодий жиҳатдан катта кўмак берди. Бунинг учун бутун пастдарғомликлар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Мавсум охирлаб, йил якунлари сарҳисоб қилинаётган мана шу айёмда сизларга, барча қишлоқ хўжалиги ходимларига олийжаноб меҳнатингиз учун яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам халқимиз фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман.

 

Қадрли деҳқон ва фермерлар!

 

Деҳқон деганда кўз олдимизга қўллари кетмонда қадоқ бўлган, қўли очиқ, мард ва танти инсоннинг сийрати кўз олдимизда намоён бўлади. Шундай экан фурсатдан фойдаланиб, юрагимнинг тубидаги гапни айтмоқчиман. Мен сизларни кечаю кундуз ўз тинчини йўқотиб бўлса-да, одамлар дастурхонининг тўкин-сочинлиги, халқимизнинг фаравон яшаши учун хизмат қилувчи қудратли куч деб биламан. Буни тоғдай юксалган хирмонлар исботлайди. Бу хизматларингизни туман раҳбари сифатида юксак қадрлайман ва ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Хонадонларингиздан файзу барака аримасин. Келгуси йил ушбу сана муносабати билан йиғилганимизда, бундада улкан марраларга эришганимизни сарҳисоб қилиб, бунданда кўтаринки кайфиятда, ёруғ юз билан соғ-саломатликда учрашишни тилаб қоламан.

Яратгандан умрингизга, хонадонингизга қут-барака тилайман!

Кириб келаётган янги – 2021 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин!

 

Байрамингиз муборак бўлсин! Азиз деҳқонлар!

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM