Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар!

Аббасов Субхон Бурхонович 1961 йилнинг 5 январида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эмалач қишлоғида туғилган. Мактабни аъло баҳоларда тугатиб, 1979 йилда СамДУнинг география факультетига ўқишга кириб, 1984 йилда ўқишни тугатган. Илк, меҳнат фаолиятини Самарқанд шаҳридаги Қоракўлчилик илмий-тадқиқот институтида катта лаборантликдан бошлаган. Олим меҳнат фаолияти даврида чўллар географиясини чуқурроқ ўрганишга интилиши. Бу интилиши олимни Илмий-тадқиқот институтидаги дала экспедицияларида кўп иштирок этишига ундаган. Айниқса, Қизилқум чўлига ташкил қилинган экспедициялар олимда чўллар географиясини ўрганишга қизиқиш уйғотади. 1986 йилда Субхон Бурхонович ўзи ўқиган университетининг География факультетига ишга таклиф этилади. Олим дастлаб, Иқтисодий география кафедрасида катта лаборант, 1987 йил феврал ойидан бошлаб, Умумий табиий география кафедрасида ассистентлик лавозимида ишлай бошлади. 1995 йилда олим профессор А.А.Абдулқосимов раҳбарлигида “Марказий Қизилқум чўли ландшафтларини  тадқиқ этиш” мавзусидаги номзодлик диссертациясини 2007 йилда эса, “Қизилқум чўли ландшафтларининг экологик жиҳатлари” мавзусидаги докторлик диссертация ишини ҳимоя қилади.

         Чўлшунос олим ўзининг илмий ишларида Қизилқумнинг ҳозирги ландшафтларини шаклланиши, чўлнинг табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш унинг барқарор ривожланиши, чўлланиш жараёнининг кучайиб бориши, геомажмуаларнинг табақаланиши, геоэкологик районлаштириш ва экологик танг ҳудудларни оптималлаштиришнинг географик асосларини ёритган.

Бугунгача олимнинг 200 дан ортиқ илмий ишлари республика ва хорижий давлатларнинг нуфузли журналлари ва илмий-амалий конференция материалларида чоп этилган. Олимнинг 2008 йил «Карст Средней Азии и его народнохозяйственное значение», 2017 йил «Научно-методические основа изучения суффозионных процессов Средней Азии», 2019 йил «Қизилқум чўл ландшафтлари динамикаси ва экологияси» номли монографиялари нашрдан чиққан.

Субхон Бурхонович Аббасов узоқ йиллардан буён раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. 1996-2001 йилда СамДУ География факультети декани, 2002-2007 йилда Регионал ва табиий география кафедраси мудири, 2011-2015 йилларда Самарқанд давлат университетининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ректор ўринбосари, 2015-2016 йилларда Имом Бухорий мажмуаси бошқарув кенгаши раиси, 2017-2019 йилларда  География ва Экология факультети декани, 2019 йилдан то ҳозирги кунга қадар Самарқанд давлат университети қошидаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш минтақавий маркази директори лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Субхон Бурхонович ташкилотчилигида Самарқанд давлат университетида кўп маротаба География фанининг ривожини ошириш мақсадида республика ва халқаро илмий анжуманлар ўтказилган. Жумладан, 1996 йилда “Ўзбекистонда география, экология ва экотуризм муаммолари”, 1998 йилда “Ўзбекистоннинг экологик муаммолари ва табиатни муҳофаза қилиш” ва “Буюк Ипак йўли: география, туризм ва экология” мавзусида халқаро анжуманлари география фанининг ривожлантиришнинг долзарб масалалари, табиатни муҳофоза қилиш, мамлакатимизда туризм йўналишларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган.            Ҳозирда олим ўзининг ландшафтшунослик, чўлшунослик мактабида шогирдлари билан биргаликда мамлакатимизнинг энг долзарб, муаммоли масалалари рекреация, туризм, географияда замонавий ГАТ технологияларини қўллаш, ирригация, техноген кўлларнинг атроф ландшафтларга таъсири каби йўналишларда илмий изланишлар олиб бормоқда. Устоз раҳбарлигида бугунга қадар 3 та география фанлари (PhD) бўйича фалсафа доктори) ва 1 та география фанлари доктори (DSc) диссертациялари ҳимоя қилинган.

Субхон Бурхонович Аббасов камтарин ва меҳнаткаш инсон, меҳрибон устоз, жонкуяр олим, аҳил оиланинг меҳрибон отаси, набираларининг суюкли бобожониси, устознинг қутлуғ 60 ёшлари билан самимий муборакбот этамиз, ҳамиша сиҳат-саломатлик, илмий-педагогик фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Самарқанд давлат университети

География ва Экология факультети жамоаси.  

    

2015-2021 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM