Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашининг навбатдаги йигирма олтинчи сессия бўлиб ўтди

Бугун халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги йигирма олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни 9-Мевали сайлов округидан депутат Нозим Алиев бошқариб борди. 13-сайлов округидан Комил Аллаяров сессияга котиблик қилди. Партия кенгашлари раислари, таълим ва тиббиёт тизими вакиллари ҳам иштирок этган сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти тарғиб этиш ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий дастурларни тайёрлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Мурожаатномада яқин истиқболда амалга оширилиши зарур барча масалалар қамраб олинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

-  Юртимиз раҳбари Мурожаатнома муқаддимасидаёқ асосий эътиборни ижтимоий соҳани ривожлантиришга эътибор қаратди,- деди сенатор Р.Холмуродов. – Яъни, мамлакат тараққиёти мактабгача таълим тизимидан бошланиш зарурлигини уқтирди. Негаки, барча соҳаларнинг ривожланиши асосан, таълимга бориб тақалади. Қаердаки, кучли билим эгалари етишиб чиқса, шу жойда инновацион ғоялар пайдо бўлади. Юксалиш учун пухта замин яратилади. Шунинг учун ҳам, таълим тизимининг барча бўғинларида кескин ўзгаришлар бўлиши учун энг долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар Фотима Исломова, Улуғбек Холмуродов, Феруз Тўраевлар фикр-мулоҳазаларини билдириб, Мурожаатнома мазмунини сайловчиларга етказиш зарурлигини таъкидлаб ўтишди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлашга доир масала ҳам қараб чиқилди.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM