Ободлик, озодалик бор жойда барака бўлади

Пастдарғом туман ҳокимлигида туман ҳокими Шунқор Худайбердиев раҳбарлигида ҳудудларни ободонлаштириш-кўкаламзорлаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокимининг барча ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла оқсақоллари, кўп қаватли уйларига хизмат кўрсатувчи ширкатлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда ҳар бир ташкилот раҳбари, маҳалла оқсақоллари ўз ҳудудини ободонлаштириш,  аҳоли хонадонларини ободонлаштириш ташкил этиш, деворларни оқлаш, маҳаллий ариқларни лойқадан  тозалаш, манзарали ҳамда мевали дарахтларга шакл бериш кабилар вазифа қилиб белгиланганлигига қарамасдан, ҳамон баъзи масъуллар бу борадаги ишларга панжа орасидан қараб, сускашликка йўл қўйилаётганлиги таъкидланди. 

– Биз ҳудудларда ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш буйича икки йилдан буён мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиб, зарур  топшириқларни бериб келмоқдамиз, - деди туман ҳокими. – Аммо айрим раҳбарларда бу борада тизимли ишлаш кўникмаси шаклланмаяпти. Ваҳоланки, бу ишлар бизнинг кундалик вазифамизга айланиши лозим.  Ободлик, озодалик бор жойда барака бўлади.

Йиғилиш давомида Президентимизнинг  жорий йил  18-19 февраль кунлари  Наманган вилоятига ташрифи давомида  борган Бунёдкор маҳалласидаги ҳолат акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

Йиғилиш сўнгида ҳудудларда ободонлаштириш ишларини ниҳоясига етказиш бўйича топшириқлар берилди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM