“Энди менда у-бу нарса тикиб сотиб, даромад топиш имконияти бор”

Пастдарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев туман маданият уйида аҳоли учун сайёр қабул ўтказди. Қабулда 300 га яқин мурожаат тингланди.

Мурожаатлар асосан уй-жой, моддий ёрдам, алимент пулини ундириш, ишга жойлаштириш, соғлиқни сақлаш масалаларига оид бўлиб, 35 та мурожаат жойида ўз ечимини топди. 48 мурожаат эгаларига асосли тушунтириш берилди, 23 мурожаат эса рад этилди. Қолганларига ижобий ечим топиш учун тегишли муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Қабул давомида тикувчилик қилиб, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган икки нафар фуқарога тикув машинаси берилди.

- Отам биринчи гуруҳ ногирони, онам ҳам, мен ҳам уйда ишсиз, - дейди Пўлатчи маҳалласида яшовчи Дилором Хушвақтова. – Оилавий шароитимиз оғирлиги сабаб моддий ёрдам сўраб келгандим. Туманимиз ҳокими мендан нима иш қилиш қўлингиздан келади, деб сўради. Тикувчилик қила олишимни билгач, менга шу ернинг ўзида тикув машинаси берди. Энди менда у-бу нарса тикиб сотиб, даромад топиш имконияти бор. Бундан жуда хурсандман.

Сайёр қабулда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева иштирок этди.

2015-2021 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM