Пастдарғомда “Олтин медал”лилар ОТМга ўқишга кирдими?

Одатда, ҳар ўқув йилининг якунида таьлим масканларида йил давомида устозлар томонидан берилган таьлим натижаси ва ўқувчилар олган билимлар сарҳисоб қилинади. Таҳлил, муҳокамалар, самарадорлик натижалари кўриб чиқилади. Шу аснода 2020-2021 ўқув йилида туманда мавжуд 127 та мактабнинг 11-синф битирувчиларидан 56 нафари олтин ва 4 нафари кумуш медалга лойиқ деб топилган эди. Яқинда ижтимоий тармоқлар, матбуот саҳифаларида эьлон қилинган ОТМ ларга ўқишга қабул қилиниши бўйича туманимиз кучли ”йигирма бешта“ ликка кириб, республика миқёсида саккизинчи ўринни эгаллаганлиги тўғрисидаги хабардан қувондик, албатта. Аммо олийгоҳ талабаси бўлишдек муваффақият шу йили мактабни ”Олтин медал“ билан тугатган ёшларнинг нечтасига насиб этганига қизиқдик.

Туман халқ таьлими бўлимидан олинган маьлумотларга кўра, 56 нафар олтин ҳамда 4 нафар кумуш медал олиш бахтига муяссар бўлган битирувчиларидан жами 43 нафари республикамиздаги турли олий ўқув юртларига (27 нафари шартнома асосида, 16 нафари давлат гранти асосида ОТМ га қабул қилинганлар) ўқишга кирган. Юқорида таькидлаб ўтилган 43 нафар йигит-қизлар тумандаги 3, 4, 8, 12, 22, 31, 40, 45, 51, 62, 72, 96, 99, 105, 1-ИДУМИ, 28-ИДУМИ ни битиришган. Қолган 17 нафар “медал”лилар ОТМларда ўқишни давом эттириш имкониятини нега биринчи уринушда бой беришди? Тўғри, айни синовлар давридамиз. Қолаверса, имтиҳон белгиланган кунида қайсидир медал соҳибининг оилавий имконияти чекланиб, синовларга ўз вақтида бора олмаган ёки бошқа сабаблар бўлгандир. Бу тушунарли ҳол. Аммо нима бўлганда ҳам "ишонган шогирди" тест синовларидан етарли балл тўплай олмагани айрим устозларга савол беришга ундайди кишини. Нега "аълочи" тестдан "йиқилди?". Бу саволга жавоб жамоатчиликка ҳавола, бизнингча.

Гулжаҳон МАРДОН қизи.
 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM