"Очиқ эшиклар куни" иқтидорларга ойдин йўл

Жума шаҳри марказидаги “Ёшлар боғи”да туман “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.

- Айни вақтда бу ўқув даргоҳида 7 йўналиш 26 турда 79 та тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган, - дейди БАБМ директори Суҳроб Умрзоқов.- Ушбу тўгаракларда 2620 нафар болалар қамраб олиниб, улар ўз иқтидор, қизиқишларига қараб, ўзлари истаган тўгараклар машғулотларида иштирок этишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бир қатор қарор ва фармонларида баркамол авлоднинг интеллектуал салоҳияти, қобилиятини намоён қилишида “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини янада ривожлантириш, тўгараклар сони ва сифатига эʼтибор қаратиш лозимлиги тўғрисида алоҳида уқтириб ўтилган. Бугунги ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” ҳам болалар иқтидорларини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир давомида вилоятдаги туманлар "Баркамол авлод" болалар мактабларидан таклиф этилган меҳмонлар, туман халқ таълими бўлими услубчиси Учқун Санақуловлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси учун яратилаётган қулайликлар, давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган беш ташаббус имкониятлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

- Мактаб қошидаги спортнинг кураш ва таеквандо турлари бўйича машғулотлар ўтамиз, - дейишди ёш спортчиларнинг чиқишларида бош-қош бўлиб турган Аброр Шоназаров ҳамда Акбар Ғаниевлар. - 2019-2020 ўқув йилида вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда 18 та биринчи 16 та иккинчи, 12 та учинчи ўринларни эгалладик.

Тадбир жараёнини кузатамиз. Бир ёнда мактабнинг “Бадиий гимнастика”, яна бир ёнда “Бадиий ижодиёт”, “Техник ижодкорлик” йўналишидаги тўгараелар чиқишлари, кўргазмалари намойиши.

- “Шахмат” тўгарагининг фаол аъзолари Комрон Сайдуллаев ва Шоҳруҳ Раҳмонқуловлар яқинда вилоят миқёсида ўтказилган мусобақада ғолиблар сафидан жой олишди, - деди шогирдларидан фахрланиб, шахмат бўйича спорт устаси Шерали Халилов. - Қолаверса, ўтган ўқув йилида шахмат бўйича 12 та биринчи, 14 та иккинчи, 15 та учинчи ўрин қўлга киритилди.

Тадбир жараёнлари куй-қўшиқларга уланиб кетди.

 

Гулжаҳон Мардон қизи.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM