Энди пневматик қуроллардан ҳам махсус рухсатнома асосида фойдаланилади

Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2022 йил
31 майдаги ЎРҚ-772-сон Қонуни қабул қилинганлиги муносабаси билан фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш, уларга эгалик қилишнинг талаблари ва шартларига бир қатор сезиларли ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритилди:

Жумладан, Жиноят кодексининг 247, 248, 249-моддалари ва Маъмурий кодексининг 185, 220, 2201, 221-моддаларига ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритилиб ўқотар бўлмаган қуроллар (пневматик, газли, сигнал берувчи, улоқтириш ва тиғли совуқ қурол ва электрошок қурилмалари) ва ўқотар қуролнинг асосий қисмлари билан қонунга ҳилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлиги учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди;

қурол эгалари ва уларнинг яқин қариндошларини қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширув ўтказиш тартиби, шунингдек, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар рўйхатлари тасдиқланди;

ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёши 21 дан 25 ёшгача оширилди;

тузилиши қайта ўқламасдан узлуксиз ўқ узиш имконини берувчи силлиқ стволли ярим автоматик ўқотар ов қуроли мавқеи сойли стволли қуролга тенглаштирилди (қуролга эгалик қилиш стажи камида 10 йил бўлиши керак);

ғайриқонуний мақсадларда маълум техник шароитлар ва кўникмалар ёрдамида қайта жанговар ҳолатга келтирилиши мумкин бўлган “паҳтавон” (“охолощенное”), ўқув ва вазн-габаритли (“массо-габаритное”) қуролнинг муомаласи тақиқланди (коллекциялаш ёки кўргазмага қуйиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслардан ташқари);

барча турдаги пневматик қуролга (оғиз қисмидаги қуввати джоул ва калибридан қатъий назар) эгалик қилишни фақат ички ишлар органларнинг рухсатномаси асосида амалга ошириш ҳамда фуқаро эгалигида бўлиши мумкин бўлган бундай қурол сонини 3 дона билан чекланди;

пневматик калта стволли қуролнинг (бундан унинг спорт объектларида сақланиши ва ундан фойдаланиши мустасино) муомаласи тақиқланди;

фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди;

фуқаровий ов қуролининг магазинининг рухсат этилган сиғими
10 донадан 5 донагача
камайтирилди;

биттадан ортиқ ҳар бир сойли стволли ўқотар ов қуролига, пневматик ов қуролига ва силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эгалик қилганлик учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади;

сойли стволли (нарезной) ўқотар ов қуролини, шу жумладан аралаш ўқотар қуролни ёхуд ярим автомат силлиқ стволли ўқотар ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини, ўқдон (барабан) сиғими тўрт дона патрондан ортиқ бўлган силлиқ стволли ўқотар ов қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват олтмиш беш жоулдан юқори ва калибри тўққиз миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролига эгалик қилиш стажи 10 йил сифатида белгиланди;

биринчи маротаба фуқаровий қуролни (ўзини ўзи ҳимоя қилиш, газли ва электрошокер қурилмалари бундан мустасино) олишда қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бўйича махсус қисқа муддатли курсалардан мажбурий ўқитиш тартиби белгиланди;

фуқаровий қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларга қўшимча равишда қуйидагилар киритилиб, улар юзага келганда қуролни зудлик билан олиб қўйиш механизми белгиланганди:

1) қасддан жиноятлар содир этилганлик учун судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлиги олиб ташланганлигидан қатъий назар (10 йил давомида);

2) қурол эгаси ёки қуролга эгалик қилиш истагини билдирган фуқаро
ва у билан бирга яшовчиларга нисбатан қораловчи маълумотлар мавжуд бўлганда.

Шу билан бирга, юқоридаги Қонун 2022 йилнинг 2 сентябридан ва жавобгарлик масалалари қисмида 2 декабрь куни кучга киради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида зудлик билан қуйидаги чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилсин:

1. Барча вилоят ва шаҳар-туман ички ишлар органлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ–772-сон Қонуннинг мазмун-моҳиятини ўзлаштирган ҳолда шахсий таркибни ушбу йўналишда малакасини ошириш бўйича чора-тадбиларини белгиласин.

2. Ушбу фаолият билан боғлиқ хизмат вазифаларини амалга оширувчи барча ички ишлар органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари Қонуннинг мазмун-моҳиятини ва амалий аҳамиятини, маъмурий ва жиноий жавобгарлик оқибатларини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб борисин.

Бунда агар жисмоний ва юридик шахсларда мавжуд пневматик қуролларнинг ҳужжатлари умуман бўлмаганда, ушбу қуролларнинг тури ва техник ҳолатини аниқлаш ҳамда ички ишлар органларига рўйхатга қўйиш учун вақтинча олиниши ҳамда эксперт-криминалистика бўлинмаларига топширилишига;

пневматик ов қуроллари ўқотар ов қуроли сифатида рўйхатга қўйишнинг умумий тартиб ва талаблари асосида амалга оширилади.

Пастдарғом туман ИИБ ЖХХ ЖТСГ инспектори Норбобоев Мухтор

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM