Паст Дарғомдаги арчани кесган айибдор аниқланди

         Ижтимоий тармоқларда Паст Дарғом туман  Жума шаҳри  Амир Темур кўчасида ноқонуний кесилган арчалар бўйича видеоролик  эълон қилинганди.  

         Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда туман инспекцияси ходимлари томонидан ўрганишлар олиб борилди.  Ўрганишлар  натижасида шу нарса маълум бўлдики, айни пайтда Амир Темур кўчасида қурилиш бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигидан хабардор туманнинг Жағалбойли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одилжон Сатторов вазиятдан фойдаланиб, пиёдалар йўлакчаси атрофидан бирор ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан 8 туп, яъни 5 туп “Можживельник” ва 3 туп “Туя” арча дарахтларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиш мақсадида кесганлиги аниқланди ва бу ҳақда гувоҳлар иштирокида далолатнома расмийлаштирилди.

         Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
17 январдаги 43-сонли қарори 4-иловасига асосан 8 туп арчаларнинг ўсимлик дунёсига етказилган зарари ҳисобланганида, жами 54 412 000 сўмни ташкил қилди. Фуқаро О.Сатторов қилган айбини тан олиб, етказилган зарарни тўлиқ тўлаб беришини маълум қилди.

         Мазкур ҳолат юзасидан туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан О.Сатторовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, энг кам иш ҳақининг 10 баравари, яъни 2 230 000 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

         Ҳозирги кунда фуқаро О.Сатторовдан етказилган зарар ва жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

У.Умаров,

Пастдарғом туман экология ва

 атроф-муҳитни муҳофаза

                                                                                 қилиш нспекцияси бошлиғи.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM