26 августдан янги кўринишдаги 5000 сўм ва 10 000 сўмлик банкнотлар чиқарилади

Марказий банк 2021 йилнинг 26 августидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 5000 сўм ва 10 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлигини маълум қилди.

Мазкур банкнотлар мавзуси (тематикаси) “Буюк Ипак йўли” ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги қадимий Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари тарихига бағишланган.

5000 сўмлик банкнотнинг ўлчами 142 х 69 мм. Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “5000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган. Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 2 мм. бўлган “UZB” ёзуви туширилган турли рангларда товланувчан металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.

https://storage.kun.uz/source/7/hE2MrWpNTQ583IRn8gI7uBcqr8ogjHWa.jpg

Олд ва орқа томонларининг асосий ранглари – яшил ва жигарранглардан иборат. Банкнот олд томони чап қисмида 1619-1635 йилларда қурилган Самарқанд шаҳридаги “SHERDOR MADRASASI” тасвирланган. Юқори қисмининг чап тарафида ўзгарувчан рангли OVI бўёғида босилган “5000” рақами жойлаштирилган бўлиб, маълум қиялик бурчаги кўриниши остида қирмизи рангдан яшил рангга ўзгаради.

Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши турли диаметрдаги ҳалқалар жойлаштирилган бўлиб, нусха кўчирилганда ушбу тасвирларда аниқлик йўқолади. “Хонатлас” фонида туширилган Ўзбекистон харитаси чизмасида кўк чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли”нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

https://storage.kun.uz/source/7/jJkGN09Hr2ErOlwvv8ndqEFbzhVBK6Yd.jpg

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги VIII-V асрларга тегишли бўлган “AFROSIYOB ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.

10 000 сўмлик банкнотнинг ўлчами 147 х 69 мм. Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “10000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.

Олд ва орқа томонларининг асосий ранглари – кўк, бинафша ва пушти ранглардан иборат. Банкнот олд томони чап қисмида 1551-1575 йилларда қурилган Тошкент шаҳридаги “KO‘KALDOSH MADRASASI” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

https://storage.kun.uz/source/7/orJe7sg7fvIv76e2zouKaKPuzBkLR99V.jpg

Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги ҳалқалар жойлаштирилган бўлиб, нусха кўчирилганда ушбу тасвирларда аниқлик йўқолади. Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли”нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги I асрга тегишли бўлган Тошкент шаҳри ҳудудидаги энг қадимий ёдгорлик – “SHOSHTEPA ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.

https://storage.kun.uz/source/7/B4uHXzaYfXh__kOE44aoqMcddcUXSaoi.jpg

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки шуни алоҳида қайд этишича:

муомалага чиқарилаётган янги кўринишдаги қиймати 5000 сўм ва 10 000 сўм бўлган пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2013 йил намунасидаги 5000 сўмлик ва 2017 йил намунасидаги 10 000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади;

яъни, 2013 йил ва 2017 йил намунасидаги 5000 сўмлик ва 10 000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди;

шунингдек, янги кўринишдаги пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM