Чала қолган қурилиш ишларини жорий йилда тугаллаш чоралари кўрилади

Оммавий ахборот воситаларида 2019 йилги “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган ишлар ҳамон якунига етказилмаганлигини ҳусусида танқид эълон қилинди.
Унда 2019 йилда Беклар ва Гўзалкент ҳудудлари “Обод қиш¬лоқ” дастурига киритилиб, умумтаълим мактаби, иккита мактабгача таълим муассасаси, шифокорлар уйида қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилгани, Орадан уч йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, бу объектларда ҳамон қурилиш ишлари тугалланмади. Қурилиш-таъмирлаш харажатларининг 60 фоизи туман ҳокимлиги томонидан қопланиши кўзда тутилган. Аммо маблағ ажратилмагач, ишлар ўз ҳолича қолиб кетгани ҳақида айтилган.
Пастдарғом тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Дилшод Йўлдошевнинг таъкидлашича, Президентимизнинг 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида туманимиздаги Беклар, Гўзалкент ва Эски Жума маҳаллалари танлаб олиниб, дастур бўйича бир қанча ишлар амалга оширилган.  9460 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу ҳудудлардаги 1300 та хонадонда таъмирлаш ишлари олиб борилган. 13 минг 200 метр ичимлик суви тармоғи тубдан янгиланган, 3 та сув иншооти таъмирланиб, 1 та иншоот янгидан қурилган. 3700 метр электр тармоғи тортилиб, 350 та устунлар ўрнатилган, 11 та трансформатор реконструкция қилинган. Гўзалкент маҳалласида 700 метр табиий газ тармоғи таъмирланди, 220 га яқин газ баллонлари тарқатилди. Бу маҳаллаларда 18 километрга яқин ички кўчаларга тош ётқизилган, 6 километр йўлга бетон қопламаси ётқизилган. Ижтимоий соҳа объектлари бўйича Беклар маҳалласида шифокорлар уйи, 56-мактабгача таълим ташкилоти қурилиши, 103-мактабда қўшимча бино қурилиши ва спорт зални таъмирлаш, иситиш тизимини янгилаш ҳамда 46-мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш белгиланганди. 103-мактабда 120 ўринли қўшимча бино қурилиши якунланиб фойдаланишга топширилган, мактабнинг спорт зали ва шифокорлар уйи, иккита мактабгача таълим муассасасидаги қурилиш-монтаж ишлари маблағ етишмовчилиги туфайли якунланмай қолган. Дастур доирасида бу ижтимоий соҳа объектлари учун жами 6 миллиард 411 миллион 800 минг сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилганди, шундан 2 миллиард 40 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур объектлардаги чала қолган қурилиш ишларини жорий йилда тугаллаш чоралари кўрилши ҳақида маълум қилди.
Келгусида ишлар ижроси юзасидан ахборот берамиз.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM