ФАНАТ ҚАҲРАМОНОВ –ЖАҲОН МАЙДОНИДА

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтаётган жаҳон чемпионатида бокс бўйича 75 килограмм вазн тоифасида мўғулистонлик Даваням Давастуренга, 14 сентябрь куни австралиялик Адриан Каммаранога қарши олиб борган қизғин баҳсларда тумандошимиз Фанат Қаҳрамонов ишончли ғалабани қўлга киритганини барчамиз ҳаяжон билан кузатдик. 
Паст Дарғом туманининг Гулобод маҳалласилик ёш боксчи Фанат Қаҳрамоновнинг муваффақияти барчанинг эътиборини тортди.


- Фанат оиламизда учинчи фарзанд, - дейди унинг бувиси 73 ёшли Кифоят она. – Келиним оғир дард билан дунёдан ўтганда, набирам 11 ёшда эди. Начора, тақдир экан. Набираларим онасиз анча қийналиб қолишди. Ўзим уларнинг тарбияси билан шуғуллана бошладим. Тумандаги 48- мактабда таҳсил олди. Фанатимнинг спортга меҳри бўлакча эканини сезиб, 13 ёшида Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари спорт коллежига етаклаб бордим. У ерда набирамни иқтидорини синаб кўришди. Дастлаб, тай-бокс, сўнг бокс тўгарагида устози Баҳодир Ҳасанов раҳбарлигида шуғуллана бошлади. Спортга иштиёқи баландлигиданми, тинимсиз машқ қилар, ҳатто, баъзида юз-кўзида пайдо бўлган жароҳатларни ҳам писанд этмасди. Вилоят, республика миқёсидаги турли мусобақаларда тобланиб, қатор муваффақиятларга эришиб келаётган болагинамга жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини кўтариш насиб этганидан барчамиз беҳад ҳаяжон ва қувончдамиз. 
Дарҳақиқат, 77 давлатдан боксчилар иштирок этаётган баҳслар 21 сентябргача давом этади. Фанат Қаҳрамонов эса навбатдаги ринггга қизғин ҳозирлик кўраяпти. Галдаги рақиблар кучли, аммо ўзбек ўғлони – Фанатга спорт мураббийларининг ишончи юқорироқ. Бугун 16 сентябрь куни Фанат Қаҳрамонов Эберт Консесао (Бразилия) билан жанги тахминан, соат кечки 19:30да бошланади.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM