ФЕСТИВАЛЬ ТАШАББУСЛАРГА УНДАДИ

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус бугун табора кенг қулоч ёйиб юртимизнинг миллионлаб ёшларини бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан ҳам ушбу ташаббус ижросини таъминлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларда ён-атрофда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғуларини  кучайтириш  ҳамда турли хил хуружларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш  борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Паст Дарғом туманида ҳамкор ташкилотлар билан “Юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқ фаравонлиги йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида  ташкил этилган фестиваль ҳам айни мақсадларга қаратилгани билан аҳамият касб этди.Фестиваль туманнинг Гўзалкент қўрғонидаги 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган кураш мусобақаси билан бошланди. 3 та вазн тоифасида қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтган беллашувда кучлилар ичидан энг зўрлари ғолиблик шоҳсупасидан жой олди.  Паст Дарғом тиббиёт коллежида ташкил этилган “Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси, глобаллашув шароитида мафкуралар тўнашуви ва унинг оқибатлари” мавзусида ўтказилган тадбир ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда бузғунчи ғоялар ва ёт оқимлар таъсирига тушиб колмаслик учун ёшлар эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида батафсил тушунчалар берилди.“Ёшлар боғи”да ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси билан давом этди. Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббуснинг охирги йўналиши бўйича ташкил этилган мазкур тадбирда тумандаги корхона ташкилот ва муассасалар ўзларидаги 50 га яқин мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Ярмаркада 8 нафар хотин-қизларга ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар тақдим этилди.

“Юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқ фаравонлиги йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги фестиваль галаконцерт билан якунига етди. Унда фестиваль доирасида ўтказилган кураш мусобоқасида ғолибликни қўлга киритган спотчиларга ҳамда маданий - маърифий тадбирларда фаол иштирок этган ёшларга партия вилоят кенгашининг дипломи, фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди. Фестивални юқори савияда ўтказишга яқиндан кўмаклашган ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар берилди.Тадбир ўзбек жанг санъати билан шуғулланаётган спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар билан ўзгача жозиба касб этди.Қисқача қилиб айтганда фестиваль барча ёшларнинг қувончига-қувонч, ғайратига-ғайрат қўшиб, ўзаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига, Ватан равнақи учун хизмат қиладиган фидоий йигит-қизларни камол топтиришга хизмат қилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM